ID Лойиҳа яратувчиси Муҳокамага чиқариш санаси Якунланиш санаси Таклифлар сони Коррупцияга қарши экспертиза1348 Гендер экспертиза1295 Сўровнома4020
25127 Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги 28/11/2020 13/12/2020 725
Ишлаб чиқиш асоси Норматив-ҳуқуқий ҳужжат https://uza.uz/uz/posts/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-ituv-30-09-2020
Муҳокама якунланди
Oʻzbekiston Respublikasi QonuniПедагог ходимнинг мақоми тўғрисидаID-25127

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади педагог ходимнинг мақомига оид муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Ушбу Қонуннинг қўлланилиш соҳаси

 

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари, шунингдек нодавлат таълим ташкилотлари (бундан буён матнда таълим ташкилотлари деб юритилади) педагог ходимига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

асосий иш фаолиятидан ташқари педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга;

ҳарбий таълим муассасаларида педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

 

3-модда. Педагог ходимнинг мақоми тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Педагог ходимнинг мақоми тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг педагог ходим мақоми тўғрисидаги ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

4-модда. Асосий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

ўқитувчи-мураббийлик – умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор фаолият бошлаётган шахсларни касбий мослаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатувчи педагог ходим фаолияти;

педагогик фаолият – педагог ходим ва таълим олувчининг ўзаро ҳамкорлигига асосланган таълим олувчини ўқитиш ва тарбиялашга йўналтирилган таълим жараёни;

педагог ходим – тегишли ҳужжат билан тасдиқланган малакасига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахс;

педагог ходим мақоми – Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида педагог ходим учун белгиланган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, шу жумладан меҳнат ҳуқуқлари, ижтимоий кафолатлар, имтиёзлар, чекловлар ва жавобгарликлар тизими;

таълим олувчи – таълим ташкилотларида муайян давлат таълим стандартлари ёки давлат таълим талаблари (ўқув дастурлари) асосида педагог ходим ёрдамида билим, уқув ва кўникмаларни ўзлаштираётган, тарбияланувчи, ўқувчи, талаба, докторант, тингловчи ёки бошқа мақомга эга бўлган жисмоний шахс.

 

5-модда. Педагог ходим мақоми бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

 

Қуйидагилар педагог ходим мақомини оширишга қаратилган давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

замонавий билим, қобилият, маҳорат ва кўникмаларга эга бўлган педагог кадрларни тайёрлаш;

педагог ходимнинг ижтимоий ва касбий мавқеини ошириш;

жамиятда таълим ва тарбияни ҳамда шахсни ривожлантиришда педагог ходимнинг ҳал қилувчи ролини тан олиш;

педагог ходимни давлат томонидан моддий ва ижтимоий таъминотини, ҳуқуқлари ҳамда шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинишини кафолатлаш;

педагог ходимнинг ижодий ва самарали меҳнат қилиши, касбий ривожланиши, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун етарли шароитлар яратиш.

 

6-модда. Педагогик фаолиятнинг асосий принциплари

 

Қуйидагилар педагогик фаолиятнинг асосий принциплари ҳисобланади:

педагогик фаолиятда шахсга йўналтирилган таълим ва тарбия беришни таъминлаш;

таълим ва тарбиянинг инсонпарварлик хусусияти;

профессионал ва олий таълимда таълим олувчиларда зарур малакалар ва касбий компетенциялар шакллантиришнинг устуворлиги;

таълим олувчининг ҳуқуқ ва эркинликларига, миллий маданий анъаналарга ҳурмат билан қараш;

профессионаллик ва лаёқатлилик;

очиқлик ва шаффофлик;

таълим олувчиларни Ватанга муҳаббат, халқлар ва миллатлар ўртасидаги дўстона муносабатлар руҳида ўқитиш ва тарбиялаш;

умуминсоний ва ахлоқий қадриятларга риоя қилиниши;

педагог ходим томонидан фан, техника ва технологиянинг сўнгги ютуқлари асосида ўз билим, малака ва кўникмаларини ошириб бориши;

мустақил таълимни ташкил этиш ҳамда таълим олувчиларда ижодкорликни ривожлантириш.

 

2-боб. Педагог ходим мақомининг ҳуқуқий асослари
 

7-модда. Педагог ходим мақомига эга бўлиш ва уни йўқотиш

 

Педагог кадр у билан таълим ташкилоти ўртасида меҳнат шартномаси тузилган пайтдан бошлаб педагог ходим мақомига эга бўлади ва меҳнат шартномаси бекор қилинганда ушбу мақомни йўқотади.

Қуйидаги шахслар узлуксиз таълим тизимида (мактабгача таълим ва тарбия тизими бундан мустасно) педагогик фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас:

суд томонидан муайян муддатга педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар;

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

қасддан содир этган жиноятлари учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;

педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;

тегишли маълумот, касбий тайёргарлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлмаган шахслар.

Мактабгача таълим ва тарбия тизимида меҳнат фаолиятини амалга оширишга доир чекловлар “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан белгиланади.

 

8-модда. Педагогик фаолиятга оид лавозимлар

 

Узлуксиз таълим тизимида қуйидаги лавозимда меҳнат фаолиятини олиб бораётган шахслар педагог ходим мақомига эга бўладилар:

мактабгача таълим ва тарбияда – тарбиячи, тарбиячи ёрдамчиси (энага), психолог, логопед-ўқитувчи, ўқитувчи-дефектолог, тил ўқитувчиси, мусиқа раҳбари, мусиқа ходими, хореограф, жисмоний тарбия йўриқчиси, методист, дефектолог, логопед, мактабгача таълим ташкилоти раҳбари;

умумий ўрта ва ўрта махсус таълимда – ўқитувчи, таълим ташкилоти раҳбари ва унинг ўринбосарлари, психолог, тарбиячи, етакчи, тўгарак раҳбари, методист, услубчи, мутахассислар, бўлим бошлиқлари, шўъба мудирлари, харбий чақириқгача тайёргарлик раҳбари;

профессионал таълимда – ўқитувчи (катта, етакчи, бош), олий маълумотли ўқитувчи, ўрта махсус маълумотли ўқитувчи, ишлаб чиқариш таълими устаси, кафедра мудири, ҳарбий чақириқгача тайёргарлик раҳбари, жисмоний тарбия раҳбари, психолог, услубчи, бўлим бошлиғи, катта уста, профессионал таълим ташкилоти раҳбари ва унинг ўринбосарлари;

олий таълимда – профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи, ассистент, кафедра мудири, факультет декани ва унинг ўринбосарлари, ўқув, илмий ва маънавият бўлими раҳбари ва унинг ўринбосарлари, бўлим услубчилари, тарбиячи-педагоглар, олий таълим ташкилоти ректори (филиал директори) ва проректорлари (филиал директори ўринбосарлари);

олий таълимдан кейинги таълимда – диссертантларнинг илмий раҳбарлари ва маслаҳатчилари (мураббийлари);

кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш муассасаларида – профессор, доцент, катта ўқитувчи, ўқитувчи, кафедра мудири, факультет декани ва унинг ўринбосарлари, ўқув, илмий ва маънавият бўлими раҳбари ва унинг ўринбосарлари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасаси раҳбари ва унинг ўринбосарлари;

мактабдан ташқари таълимда – ўқитувчи, мураббий, тренер мураббий, тренер-ўқитувчи, ўқитувчи-дефектолог, тьютор, методист, тўгарак раҳбари, тарбиячи, мактабдан ташқари таълим муассасаси раҳбари ва унинг ўринбосарлари, бўлим бошлиқлари ва шўъба мудирлари, услубчи, маданий-оммавий тадбирлар ташкилотчиси, мутахассислар, ташкилотчилар, экскурсовод.

Қонун ҳужжатларида узлуксиз таълим тизимига киритилган янги лавозимлар педагог ходим мақомига эгалиги қайд этилиши мумкин.

Педагог ходим мақомига эга шахсларга кўкрак нишони ва гувоҳнома берилади. Педагог ходим мақоми йўқотилганда кўкрак нишони ва гувоҳнома таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органларига қайтарилиши лозим.

Педагог ходимнинг кўкрак нишони ва гувоҳномасини бериш тартиби ва унинг намунавий шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

9-модда. Педагог ходимнинг касбий фаолияти

 

Тегишли маълумоти, касбий тайёргарлиги бўлган ва маънавий-ахлоқий фазилатларга эга шахслар педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Узлуксиз таълим тизимида фаолият юритаётган педагог ходимнинг таълим йўналиши (мутахассислиги) ва даражасига қўйиладиган талаблар Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида белгиланади.

Агар қонунчилик ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, педагогик олий маълумотга эга бўлмаган шахсларга қайта тайёрлаш курсларидан ўтганидан кейин таълим ташкилотларида (бундан олий таълим ташкилотлари мустасно) педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.

Ишлаб чиқариш таълими усталари қайта тайёрлаш курсларидан ўтмасдан профессионал таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.

Зарурат бўлганда профессионал таълим ташкилотлари ишлаб чиқариш таълими усталарини, шунингдек тегишли билим ҳамда амалий кўникмаларга эга бўлган, олий маълумоти бўлмаган бошқа мутахассисларни амалий ва қўшимча машғулотларни олиб бориш учун жалб этиши мумкин.

 

10-модда. Педагог ходим фаолиятининг кафолатлари

 

Педагог ходимнинг мақоми жамият ва давлат томонидан тан олинади. Педагог ходимлар ижтимоий қўллаб-қувватланади, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади, шунингдек ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар берилади.

Педагог ходимнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.

Педагог ходим билан меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилади. Бунда, таълим ташкилотининг раҳбари ва унинг ўринбосарлари билан муддатли меҳнат шартномаси тузилиши мумкин. Муддатли меҳнат шартномаси тузилишига фақат педагог ходимнинг ташаббусига кўра йўл қўйилади.

Педагог ходим фаолияти юзасидан академик эркинлик кафолатланади.

Педагог ходимнинг касбий фаолиятига аралашишга, таълим олувчиларнинг билимларини тўғри ва холис баҳолашга таъсир кўрсатишга, шунингдек ушбу педагог ходимларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмайди.

Илмий-педагогик адабиётлар, дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар ёзиш учун педагог ходимга ижодий таътил бериш давлат томонидан кафолатланади.

Давлат таълим ташкилотлари тугатилганда давлат томонидан педагог ходимга аввалги ишига (лавозимига) тенг бошқа иш (лавозим) берилиши кафолатланади.

 

11-модда. Педагог ходимнинг лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишга йўл қўймаслик

 

Педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланади.

Педагог ходимни мажбурий меҳнатга жалб қилган шахслар қонунчилик ҳужжатларида ўрнатилган тартибда жавобгарликка тортилади.

12-модда. Ўқитувчи-мураббийлик

 

Умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходим бириктирилади.

Ўқитувчи-мураббийликни амалга оширганлиги учун педагог ходимнинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча ҳақ тўланади.

Ўқитувчи-мураббийлик фаолиятини амалга оширувчи педагог ходимга қўйиладиган талаблар ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

3-боб. Педагог ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, таълим ташкилотлари раҳбар ходимларига нисбатан қўйиладиган талаблар

 

13-модда. Педагог ходимнинг ҳуқуқлари

 

Педагог ходим қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш;

ўқув дастурлари доирасида муаллифлик дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқитиш услубиётини ишлаб чиқиш, шунингдек тегишли ўқув фанлари, курслари, модулларидан фойдаланиш, ижодий фаоллик кўрсатиш;

замонавий педагогик шаклларни, ўқитиш ва тарбия воситаларини, усулларини эркин танлаш ҳамда улардан фойдаланиш;

касбий фаолиятини амалга ошириш учун уларга зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

ўқув, илмий ва услубий йўналишлардаги ахборот-ресурс марказларининг хизматларидан бепул фойдаланиш;

давлат таълим стандартларини, давлат таълим талабларини, малака талабларини, ўқув режалари ва ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

илмий, илмий-тадқиқот ва ижодий фаолиятни амалга ошириш, экспериментал фаолиятда иштирок этиш, инновацияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;

таълим ташкилотини бошқаришда, шунингдек таълим ташкилотининг фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда иштирок этиш;

касаба уюшмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари аъзоси бўлиш, ходимларининг вакиллари бўлиш, фуқаролик жамияти бошқа институтлари фаолиятида қатнашиш;

ўз касбий ҳуқуқларини ва умумий манфаатларни ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш учун педагог ходимларнинг жамоат бирлашмаларига бирлашиш;

ўз касбий фаолиятига аралашувдан ҳимояланиш;

давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиш (давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари учун);

таълим олувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда иштирок этиш.

Педагог ходим ўз касбий фаолиятини амалга оширишда келиб чиқиши мумкин бўлган қуйидаги ҳолатлар бўйича судга мурожаат қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади:

педагог ходимнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш юзасидан;

педагог ходимнинг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда.

Педагог ходимлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

14-модда. Педагог ходимнинг мажбуриятлари

 

Педагог ходим:

таълим-тарбия жараёни иштирокчиларининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши;

ўқув машғулотларини сифатли ўтказиши;

ахборот-коммуникация технологияларидан, ўқитиш ва тарбиянинг илғор ҳамда инновацион шакллари ва усулларидан фойдаланиши;

таълим олувчиларнинг психологик ва ўзига хос хусусиятларини, жисмоний ва руҳий саломатлигини, физиологик ривожланишини ҳисобга олиши, жисмоний, ақлий, сенсор (сезги) ёки руҳий нуқсонлари бўлган шахсларни ўқитиш учун шарт-шароитлар яратилишига эътибор қаратиши;

вояга етмаган таълим олувчилар билан таълим-тарбия ишларини уларнинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари билан ҳамкорликда олиб бориши;

таълим ташкилотининг уставига ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатларига, ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши;

ўз малакасини мунтазам равишда ошириб бориши, эгаллаб турган лавозимига мувофиқлик жиҳатидан даврий аттестациядан ўтиши;

тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши шарт.

Педагог ходимнинг зиммасида қонунчилик ҳужжатларига, шунингдек таълим олувчи ва таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Педагог ходимга педагогик фаолиятни амалга оширишда ахлоқ ва этика нормаларига зид ҳаракатлар содир этиш тақиқланади.

 

15-модда. Педагог ходимнинг ахлоқ ва этика нормалари

 

Педагог ходимнинг ахлоқ ва этика нормалари педагог ходимнинг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни белгиловчи қоидалар мажмуидан иборатдир.

Педагог ходимнинг касбга оид ахлоқ ва этика нормалари таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тегишли касаба уюшмаларининг бирлашмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Педагог ходимнинг кийим-бошига доир талаблар таълим ташкилотлари томонидан белгиланади.

 

16-модда. Педагог ходим фаолиятига нисбатан чекловлар

 

Педагог ходим:

жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар таълим олувчиларни камситиш;

миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи ахборот тарқатишга қаратилган фаолият олиб бориш;

таълим ташкилотларида сиёсий гуруҳлар тузиш ва сиёсий партияларнинг ташкилий тузилмаларини ташкил этиш;

таълим ташкилотлари таълим олувчиларини сиёсий ҳаракатларга жалб қилиш;

қонунга мувофиқ жиноий ва ўзга жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш тақиқланади.

 

17-модда. Таълим ташкилотлари раҳбар ходимларига нисбатан қўйиладиган талаблар ва уларнинг асосий вазифалари

 

Мактабгача, ўрта махсус, профессионал, олий, олий таълимдан кейинги ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича давлат таълим муассасалари раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Таълим соҳасида камида беш йил педагогик иш стажи ва умумий ўрта таълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастурига эга олий маълумотли номзод умумий ўрта таълим муассасаси директори лавозимига танловда иштирок этиши мумкин.

Умумий ўрта таълим муассасаси директори лавозимига танлов халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши томонидан ўтказилади ва танлов натижаларига кўра ғолиб деб топилган номзод тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан умумий ўрта таълим муассасаси директори лавозимига тайинланади.

Қуйидагилар умумий ўрта таълим муассасаси директорининг асосий вазифалари ҳисобланади:

таълим ташкилотлари ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда унга юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

мактаб ўқув-тарбия жараёнини инновацион ва замонавий таълим технологияларини жорий этиш орқали ташкил этиш ва ривожлантириш, таълим сифатини яхшилашнинг асосий йўналишларини белгилаш;

ўз ўринбосарлари ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди ва уларнинг жавобгарлиги даражасини белгилайди;

педагог ходимлар салоҳиятини ошириш ва рағбатлантириш чораларини кўриш;

ўз ваколатлари доирасида таълим ташкилотларининг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

таълим соҳасидаги ваколатли давлат бошқаруви органлари кўриб чиқиши учун моддий-техника базани мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия ишларини такомиллаштириш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш ва таълим ташкилотлари фаолиятининг бошқа масалалари бўйича таклифлар киритади;

педагог ходимлар ва бошқа ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади.

Умумий ўрта таълим таълим ташкилотлари раҳбарлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Умумий ўрта таълим муассасаси директорининг умумий ўрта таълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастурида кўрсатилган мақсадли вазифаларнинг бажарилиши тўғрисидаги йил якунлари бўйича ҳисоботи халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларида эшитилади.

Умумий ўрта таълим муассасаси директорига интизомий жазо қўллаш ва уни иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этиш масалалари халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Умумий ўрта таълим муассасасининг директори лавозимига номзодларни халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлов асосида тайинлаш ва номзод томонидан умумий ўрта таълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастурини тақдим этиш тартиби ва уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Давлат таълим ташкилотлари раҳбарларига қўйиладиган малака талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Нодавлат таълим ташкилотлари раҳбар ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тартиби, шунингдек уларнинг асосий вазифалари қонунчилик ҳужжатларига, ўз уставига ва (ёки) бошқа таъсис ҳужжатига мувофиқ амалга оширилади.

 

4-боб. Педагог ходимнинг ижтимоий химояси

 

18-модда. Педагог ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш

 

Педагог ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш меҳнат шартномасида назарда тутилган функционал мажбуриятларни бажарганлиги учун амалга оширилади.

Педагог ходимни касбий фаолияти билан боғлиқ бошқа қўшимча ишлар ва мажбуриятларни бажарганлиги учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча ҳақ тўланади.

Давлат таълим ташкилоти педагог ходимининг базавий лавозим маоши базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кам бўлиши мумкин эмас.

Педагог ходимнинг базавий лавозим маоши таълим соҳаси бўйича мутахассислиги, малака тоифаси ҳамда илмий даражаси, давлат мукофотлари ва унвонлари инобатга олинган ҳолда ҳисобланади.

Педагог ходимдан қўшимча педагогик малакани талаб этадиган меҳнатнинг алоҳида шароитларида ишлаганлик учун базавий лавозим маошига устамалар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Республиканинг олис ҳудудларида ишлайдиган педагог ходимларга устамалар ва имтиёзлар қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Давлат таълим ташкилотининг педагог ходимига бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда устамалар, моддий рағбатлантириш ва компенсациянинг бошқа турлари белгиланиши мумкин.

Нодавлат таълим ташкилотларида касбий фаолиятни амалга оширувчи педагог ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ушбу ташкилотларнинг муассислари ёки ваколатли шахслари томонидан белгиланади.

 

19-модда. Малакали педагог ходимни рағбатлантириш

 

Чет тили ва фанларни билиш бўйича имтиёз бериладиган даражадаги  миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган тегишли чет тили ва фан бўйича таълим берувчи педагог ходимларга, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида базавий лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланади.

Илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи педагог ходимнинг базавий лавозим маошига қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўланади:

фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) (ёки хорижий мамлакатларда уларга тенглаштирилган даражалар) илмий даражасига ва (ёки) доцент илмий унвонига (лавозимга) эга шахслар учун – камида базавий лавозим маошининг 30 фоизи;

фан доктори (Doctor of Science) (ёки хорижий мамлакатларда унга тенглаштирилган даража) илмий даражасига ва (ёки) профессор илмий унвонига (лавозимга) эга шахслар учун – камида базавий лавозим маошининг 60 фоизи.

Малака тоифаси (лавозим)га эга педагог ходимларга қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўланади:

иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) учун – базавий лавозим маошининг камида 20 фоизи;

биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими) учун – базавий лавозим маошининг камида 30 фоизи;

олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) учун – базавий лавозим маошининг камида 50 фоизи.

Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари давлат таълим ташкилотларининг қуйидаги педагог ходимларига малака тоифаси (лавозим) тўғридан-тўғри (аттестациядан ўтказилмасдан) берилади:

халқаро фан олимпиадаларида ғолиблик (олтин, кумуш, бронза медали)ни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган умумтаълим муассасасининг педагог ходимига – олий, академик лицей ва касб-ҳунар мактабининг педагог ходимига – бош ўқитувчи малака тоифаси берилади;

республика фан олимпиадаларида ва кўрик-танловларнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган ўқитувчиларнинг малака тоифаси бир поғонага оширилади.

 

20-модда. Давлат таълим ташкилотлари раҳбарларини рағбатлантириш.

 

Давлат таълим ташкилоти раҳбарларини моддий рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўланади:

раҳбарга – базавий лавозим маошининг 30 фоизи миқдорида,

раҳбар ўринбосарларига – базавий лавозим маошининг 20 фоизи миқдорида.

Мазкур Қонуннинг 19-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида белгиланган рағбатлантириш давлат таълим ташкилоти раҳбарига 20 фоиз, раҳбари ўринбосарларига 10 фоиз оширилган миқдорда қўлланилади.

Халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақалари, фан олимпиадаларининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг раҳбарлари ва педагог ходимига қонунчилик ҳужжатлари билан устамалар тўланиши мумкин.

 

21-модда. Педагог ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш

 

Таълим ташкилотларининг педагог ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш давлат томонидан кафолатланади.

Таълим ташкилотларининг педагог ходимларига қисқартирилган иш вақти давомийлиги белгиланади.

Давлат таълим ташкилотларининг педагог ходимларига қуйидагилар кафолатланади:

эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил;

байрам (ишланмайдиган) кунлари муносабати билан бир базавий лавозим маоши миқдорида мукофотлар;

узайтирилган таътил берилганида, календар йилда бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам.

Табиий иқлим шароити ноқулай бўлган ҳамда республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида, қишлоқ жойларида ишлайдиган педагог ходимларга бюджет маблағлари ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ва миқдорда коммунал тўловларни тўлаш учун компенсация тўланади.

Мазкур қонундагига нисбатан қўшимча меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари бошқа норматив ҳужжатлар, шу жумладан шартнома йўсинидаги ҳужжатлар (жамоа келишувлари, жамоа шартномалари, бошқа локал ҳужжатлар), шунингдек ходим ва иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномалари билан белгиланиши мумкин.

Педагог ходимлар умумий белгиланган ёшдан беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга.

 

22-модда. Педагог ходимнинг кўп йиллик хизмати учун устама тўлаш

 

Педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар иш стажига мутаносиб равишда қуйидаги миқдорларда тўланади:

5 йилдан 10 йилгача – базавий лавозим маошининг 15 фоизи;

10 йилдан 20 йилгача – базавий лавозим маошининг 30 фоизи;

20 йил ва ундан ортиғига – базавий лавозим маошининг 40 фоизи.

 

23-модда. Педагог ходимларнинг соғлиғини ҳимоя қилиш

 

Таълим ташкилотларининг педагог ва бошқа ходимларига санитария-гигиенага оид, эпидемияга қарши ҳамда профилактика чоралари билан амалга ошириладиган соғлиқни сақлаш кафолатланади.

Педагог ходимни касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланади.

Давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимлар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтказилади.

Давлат таълим ташкилотларида камида 15 йил иш стажига эга педагог ходимга йилда бир марта тиббий хулосага асосан давлат соғломлаштириш муассасаларида соғлиғини тиклаш учун бепул йўлланма бериш кафолатланади. Соғлиғини тиклаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

Нодавлат таълим ташкилотларида тиббий кўрикдан ўтказиш ва даволаниш билан боғлиқ имтиёзлар иш берувчининг ташаббусига биноан белгиланади.

 

24-модда. Қўшимча имтиёзлар ва рағбатлантиришлар

 

Касбий фаолиятда юқори натижаларга эришганлиги учун педагог ходимлар давлат мукофотлари, фахрий унвонлари ва кўкрак нишонлари билан тақдирлашга тавсия этилиши мумкин.

Республика ва халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритган педагог ходимлар хорижий давлатларда малака ошириш ва малакавий амалиётга юборилишида имтиёзли ҳуқуққа эга.

Олий маълумотга эга бўлмаган аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходим кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари олий таълим муассасасининг педагогика йўналиши бўйича сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.

Тижорат банклари ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан педагог ходимларга имтиёзли кредитлар ажратилиши мумкин.

Табиий иқлим шароити ноқулай бўлган ҳамда республиканинг тоғли ва олис ҳудудларида жойлашган давлат таълим ташкилотларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган педагог ходимга ушбу ҳудудда янги турар-жой қуриш ёки сотиб олиш учун давлат томонидан имтиёзли ипотека кредити мазкур ҳудудда узлуксиз ўн йил ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ажратилади.

Педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун тузилган шартномалар бўйича унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағлар суммаси педагог ходимнинг даромади сифатида қаралмайди.

 

5-боб. Педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш

 

25-модда. Педагог кадрларни тайёрлаш

 

Педагог кадрларни тайёрлаш олий таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади. Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда профессионал таълим ташкилотлари томонидан педагог кадрлар тайёрланиши мумкин.

Педагогика мутахассислиги бўйича талабаларни профессионал педагогик таълим муассасаларига қабул қилиш давлат буюртмаси бўйича мутахассисларни тайёрлаш режасига кўра танлов асосида давлат гранти ҳисобидан ва тўлов-контракт шаклида амалга оширилади.

 

26-модда. Педагог кадрларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш

 

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш таянч мутахассисликлар ва касбларга мувофиқ бўлган йўналишлар бўйича фаолиятни амалга ошириш учун қўшимча касбий билим, малака ва кўникмаларнинг зарур ҳажми эгалланишини таъминлайди.

Педагог кадрларни малакасини ошириш касбий билим, малака ва кўникмаларнинг чуқурлаштирилиши ҳамда янгилаб борилишини таъминлайди, кадрларнинг тоифаси, даражаси, разряди ва лавозими ошишига хизмат қилади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш шакллари ва муддатлари тегишли давлат таълим талаблари билан белгиланади.

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнида педагог ходим ўзининг касбий фанларидан ташқари қўшимча фанларни (чет тили, ахборот технологиялар, ижтимоий-гуманитар фанлар ва бошқалар) ихтиёрий равишда ўзлаштириши мумкин. Қайта тайёрлаш ва малакасини оширишдан ўтаётган педагог ходимни мазкур фанларни ўзлаштириш ва булардан имтиҳонлар топширишга мажбурлаш тақиқланади.

Ўқув режаси ва ўқув дастурининг ўзгариши (фанни киритилиши ёки чиқариб ташланиши) сабабли давлат таълим ташкилотининг педагог ходимини янги турдош фанни ўқитишга қайта тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.

Давлат таълим ташкилотлари педагог ходимининг белгиланган муддат ва ҳажмдаги малака ошириш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Нодавлат таълим ташкилотлари педагог кадрларининг малака ошириши иш берувчи томонидан белгиланган тартибда ташкил этилади ва молиялаштирилади.

Педагог ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

6-боб. Якуний қоидалар

 

27-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

28-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш

 

1)  Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 338-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 269-модда; 1997 йил, № 4-5, 126-модда; 1998 йил, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 5, 112-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда; 2002 йил, № 4-5, 74-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда; 2007 йил, № 12, 590, 608-моддалар; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2010 йил, № 5, 178-модда, № 9, 334-модда, № 12, 472-модда; 2012 йил, № 1, 4-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 12, 341-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 12, 383, 384-моддалар; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 10, 676-модда, № 12, 783-модда; 2019 йил, № 5, 265-модда, № 8, 469-модда, № 9, 592-модда) 12-моддаси биринчи қисмининг “к” кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“к) педагог ходимлар, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари – махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда (3-сонли рўйхат, VII қисм)”;

2) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 161-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 1-сонга илова; 1997 йил, № 2, 65-модда; 1998 йил, № 5-6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 112, 124-моддалар, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9-10, 182-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда; 2009 йил, № 12, 470, 471-моддалар; 2010 йил, № 12, 472-модда; 2012 йил, № 9/1, 238-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 12, 383-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 431-модда, № 10, 677-модда; 2019 йил, № 1, 3-модда, № 2, 47-модда, № 5, 261, 267-моддалар, № 12, 880-модда) 140-моддаси иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

“Қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас, педагог ходимларга бериладиган узайтирилган таътиллар бундан мустасно.”.

3) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ–599-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 31.12.2019 й., 02/19/СК/4256-сон, 11.03.2020 й., 03/20/607/0279-сон, 05.10.2020 й., 03/20/640/1348-сон) 369-моддаси иккинчи қисми қуйидаги қуйидаги мазмундаги 121-банд билан тўлдирилсин:

“121) педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун тузилган шартномалар бўйича унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган тўловлар”;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 6 январда қабул қилинган “Давлат божи тўғрисида”ги ЎРҚ–600-сонли Қонунига (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 07.01.2020 й., 03/20/600/0023-сон, 14.03.2020 й., 03/20/610/0299-сон, 21.05.2020 й., 03/20/619/0622-сон; 05.10.2020 й., 03/20/640/1348-сон) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

8-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 52-банд билан тўлдирилсин:

“52) даъвогарлар – педагог ходим ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш давомида шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказилган тақдирда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъволар юзасидан”;

10-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги 16-банд билан тўлдирилсин:

“16) Педагог ходимлар – касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўзининг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга берилган шикоятлар юзасидан.”.

 

29-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Педагог ходим мақоми ва унинг касбий фаолияти билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

30-модда. Педагог ходимнинг мақоми тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Педагог ходимнинг мақоми тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

31-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

              Президенти                                                    Ш. Мирзиёев

 

***

Илова: 1

“Педагог ходим мақоми тўғрисида”ги Қонун лойиҳасига

ТАҚҚОСЛАШ ЖАДВАЛИ

Амалдаги таҳрир

Таклиф этилаётган таҳрир

Асослантириш

  1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги 938-XII-сонли Қонуни

12-модда. Умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи

Охирги иш жойидан қатъи назар, қуйидагилар ушбу Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар:

...

к) ногирон болалар учун ихтисослашган таълим муассасалари, «Меҳрибонлик» уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари — махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда (3-сонли рўйхат, VII қисм);

 

12-модда. Умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи

Охирги иш жойидан қатъи назар, қуйидагилар ушбу Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар:

....

к) педагог ходимлар, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчилари — махсус иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда
(3-сонли рўйхат, VII қисм);

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф этилди.

Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2020 йил 26 сентябрдаги 02-2716-сон топшириғида Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ўқитувчиларнинг касбий юксалиши учун шароит яратиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фаолиятининг кафолатларини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқиш лозимлиги баён қилинган.

Қонун лойиҳасининг 21-моддасининг олтинчи қисмида педагог ходимларга умумий белгиланган ёшдан беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини бериш белгиланмоқда. Шунга асосан ҳамда Қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига ўзгартириш киритилмоқда.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 161-I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси

140-модда. Йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш тартиби

Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади.

Барча ҳолларда қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас.

140-модда. Йиллик асосий ва қўшимча таътилларни жамлаш тартиби

Йиллик таътилнинг умумий муддатини ҳисоблаб чиқаришда қўшимча таътиллар йиллик асосий таътилга (шу жумладан узайтирилган таътилга ҳам) қўшиб жамланади.

Қонун ҳужжатлари билан белгиланган таътилларни жамлашда уларнинг умумий муддати қирқ саккиз иш кунидан ошиб кетиши мумкин эмас, педагог ходимларга бериладиган узайтирилган таътиллар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф этилди.

Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2020 йил 26 сентябрдаги 02-2716-сон топшириғида Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ўқитувчиларнинг касбий юксалиши учун шароит яратиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фаолиятининг кафолатларини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқиш лозимлиги баён қилинган.

Қонун лойиҳасининг 21-моддаси учинчи қисмида  педагог ходимга эллик олти календарь кундан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш кафолатланиши қайд этилган.

Шунга асосан ҳамда Қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида Меҳнат кодексининг 140-моддасига ўзгартириш киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-599-сон Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси

369-модда. Жами даромадга киритилмайдиган даромадлар

...

(иккинчи қисм) Солиқ агентларининг ушбу Кодекснинг 386-моддасида назарда тутилган жисмоний шахс фойдасига амалга оширадиган қуйидаги харажатларига солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди:

...

12) талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган тўловлар;

 

Тўлдирилмоқда

 

369-модда. Жами даромадга киритилмайдиган даромадлар

...

(иккинчи қисм) Солиқ агентларининг ушбу Кодекснинг 386-моддасида назарда тутилган жисмоний шахс фойдасига амалга оширадиган қуйидаги харажатларига солиқ тўловчининг даромади сифатида қаралмайди:

...

12) талабаларнинг таълим олиши учун Ўзбекистон Республикасининг олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида ўтказиладиган тўловлар;

121) педагог ходим томонидан уй-жой
ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун тузилган шартномалар бўйича унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган тўловлар;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ўқитувчи ва муаллимларнинг ҳаётимиздаги нуфузи ва мавқеини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф этилди.

Ушбу қонунда ёшларга таълим ва тарбия бериш жараёнида ўқитувчилар ўзларининг салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий қўллаб-қувватлаш чоралари кафолатланиши лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2020 йил 26 сентябрдаги 02-2716-сон топшириғида Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ўқитувчиларнинг касбий юксалиши учун шароит яратиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, фаолиятининг кафолатларини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек ўқитувчиларга устамалар тўлаш, уларни рағбатлантириш мезонлари ҳам тўлиқ қайта кўриб чиқиш лозимлиги баён қилинган.

Қонун лойиҳасининг 24-моддаси олтинчи қисмида педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун тузилган шартномалар бўйича унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағлар суммаси педагог ходимнинг даромади сифатида қаралмаслиги баён қилинган. Бунда, педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун тузилган шартномалар бўйича унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағлар қисмини даромад солиғидан озод этиш  кўзда тутилмоқда.

Шунга асосан ҳамда Қонун ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида, Солиқ кодексининг 369-моддасига ўзгартириш киритиш таклиф этилмоқда.

“Давлат божи тўғрисида”ги Қонун

8-модда. Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш

Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

51) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

 

 

Тўлдирилмоқда

 

 

8-модда. Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш

Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

51) даъвогарлар — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

52) даъвогарлар — педагог ходим ўзининг касбий фаолиятини амалга ошириш давомида шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказилган тақдирда уларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги даъволар юзасидан;

“Давлат божи тўғрисида”ги 8 ва 10-моддаларида давлат божидан озод этиш асослари белгилаб ўтилган.

Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг 45-моддасига кўра  Педагог ходимларнинг мақоми жамият ва давлат томонидан тан олинади. Педагог ходимлар ижтимоий қўллаб-қувватланади, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади, шунингдек ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар берилади.

Таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.

Педагог ходимларнинг  шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини таъминлаш мақсадида, ушбу масалада судга мурожаат қилинганида, давлат божидан озод этиш таклиф этилмоқда.

10-модда. Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш

Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

....

 

 

Тўлдирилмоқда

 

 

 

Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 9, 11
ва 12-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

10-модда. Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилиш

Маъмурий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:

....

16) педагог ходимлар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўзининг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга берилган шикоятлар юзасидан.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 2, 9, 11
ва 12-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.

“Давлат божи тўғрисида”ги 8 ва 10-моддаларида давлат божидан озод этиш асослари белгилаб ўтилган.

Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг
45-моддасига кўра  Педагог ходимларнинг мақоми жамият ва давлат томонидан тан олинади. Педагог ходимлар ижтимоий қўллаб-қувватланади, ўз касбий фаолиятини амалга ошириши, уларнинг ижтимоий мақоми ва обрўсини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади, шунингдек ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга ошириш учун кафолатлар берилади.

Таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади.

Педагог ходимларнинг  шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини таъминлаш мақсадида, ушбу масалада судга мурожаат қилинганида, давлат божидан озод этиш таклиф этилмоқда.

 

 

 

 



112341
Муҳокама якунланди